Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган “Фидойи ёшлар” экспедицияси юзасидан

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тузилган “Фидойи ёшлар” экспедицияси гуруҳининг Сурхондарё вилоятининг Боботоғ ҳудудидаги Говургон қадимий манзилини ўрганиш бўйича ташкил этилган экспедиция юзасидан учрашув ташкил этилди.

Унда экспедиция гуруҳи аъзолари, малакали мутахассислар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Фидойи ёшлар” экспедицияси гуруҳини ташкил этишдан мақсад — мамлакатимиз ҳудудида ҳали ўрганилмаган, тўлиқ тадқиқ этилмаган манзилларни ўрганиш ҳамда бу жараёнда ёшларни кенг жалб қилишдир.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Фидойи ёшлар” экспедицияси ташаббуси билан бир гуруҳ фаоллар жорий йилнинг октябрь ойида “Боботоғ — ёшлар нигоҳида” мавзусида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Боботоғда жойлашган қадим ва сирли маскан, жуда кўпчиликнинг турли мунозараларига сабаб бўлиб келаётган Говургон баланд тоғларига сафар уюштиришди.

Мазкур бўлиб ўтган учрашувда Халқаро Амир Темур илмий экспедицияси раҳбари Фахриддин хожи Ашрафхўжаев ва илмий раҳбар Тўлқин Ҳайит бошчилик қилган экспедиция жараёнларида кашф этилган манзилгоҳлар, қадимий топилган асори-атиқалар хусусида сўз борди.

Учрашувда шунингдек, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмаилова мамлакатимиз тарихини ўрганишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган “Фидойи ёшлар” экспедицияси муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида фикр билдирдилар.

Экспедиция давомида олиб борилган кузатувлар натижасида “Фидойи ёшлар” экспедицияси гуруҳи томонидан қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Қолаверса, Боботоғнинг барча тафсилотлари тасвирга олиниб, “Говургон — ёшлар нигоҳида” номли ҳужжатли фильм тайёрлаш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Марказий Кенгаши Ахборот хизмати
(371)241-02-72